Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда Олтиариқ туманида 5 ёшли қизчани ўлдириб, ички аъзолари олиб кетилганлиги ҳақида тарқалган аудиохабар ва фотосуратлар юзасидан маълумот берди.

Фарғона вилояти ИИБнинг  маълум қилишича, вилоят ҳудудида юқоридаги аудиохабарда келтирилган ҳолат содир этилмаган.

Ҳозирда асоссиз ёлғон ахборот тарқатган фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фуқароларимиздан бундай асосланмаган маълумотлар таъсирида қўрқув ва саросимага тушмасликларини сўраймиз.

Шу ўринда, айрим ҳамюртларимиз учун шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига, жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотларни тарқатганлик учун қонунларимизда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.

Юқоридаги овозли хабар ҳам одамлар орасида ваҳима ва саросима уйғотишга, ҳуқуқ-тартибот органларини обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборот эканлигини унутманг.

Огоҳ бўлинг! Ҳар қандай хабар ва янгиликларни расмий веб-сайтлардан ҳамда телеграм каналларидан олишга ҳаракат қилинг!”, – дейилади хабарда.