Чортоқ туманидаги 53-диумда мактаб радиоси ташкил этилди. Бу ҳақида Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Чортоқ туманидаги 53-сони давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида айни пайтда 1090 нафар ўқувчи таълим олмоқда ва мактабда айни пайтда 75та турли йўналишдаги тўгараклар иш олиб боради.

Даргоҳнинг ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчиси Манзура Отақўзиева ташаббуси  билан “Олтин қалам” ижодкорлар клуби ташкил қилинди. Унда санъатнинг назм, наср, публицистикага қизиққанлар ҳамда журналистика соҳасига бефарқ бўлмаган 20 нафардан ортиқ ижодкорлар устозлари кўмагида инновацион лойиҳа қўл уришди, яъни, мактаб радиоси фаолият бошлади.

8 сентябрдан буён эфирга узатилаётган Чортоқ FM 53 радио эшиттиришлари дастурлари халқ таълими тизимидаги янгиликлар, мактаб ҳаёти ва фаолияти, илм масканида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларга оид мавзуларни қамраб олмоқда. Шунингдек, дастурлар давомида изланувчан ва иқтидорли ўқувчиларнинг чиқишлари ҳам ўрин олган.

Чортоқ FM 53 эшиттиришлари ижтимоий тармоқларда ҳам оммалашмоқда. Айни пайтга қадар мактабнинг facebook`даги саҳифаси, туман халқ таълими бўлими ҳамда мактабнинг телеграм ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида ҳамда турли сайтлар орқали  эшиттиришлар кенг жамоатчиликка ҳавола қилинди.

Шунингдек, радио яқин кунларда инглиз ва рус тилларида ҳам материаллар тақдим этишни режалаштирган.