ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигида ўтган йиғилишда барча терма жамоаларнинг бош мураббийлари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тингланди.

Йиғилиш давомида ҳар бир ёш тоифасидаги мураббийлар ўз ишига замонавий, режали ва бугунги кун жаҳон футболидаги талабларга мос равишда ёндашиши зарурлиги таъкидланди.

Тайёргарлик жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиш, мураббийлар штабида эса доимий равишда тахлилчилар, селеционерлар ва тўлиқ тиббий таркиб бўлиши талаб қилинди.

Бу борада мураббийлар кенгашининг тажрибали вакиллари ҳамда футболимизнинг Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев каби етук мутахассислари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.

“ЎФА мураббийларга барча шароитлар тақдим қилади ва ўз навбатида юқори талаблар ҳам қўяди. Ўтказилган учрашувлар, бўлажак рақиблар, ҳар бир футболчининг хатти-ҳаракатлари синчиковлик билан ўрганиб чиқилиши ва таҳлил этилиши зарур.

Дунё футболи билан ҳамнафас бўлиш, таҳлилий ва танқидий ёндашиб, ўз устида ишлаган ҳолда натижаларни яхшилаб бориш ҳар бир мураббийнинг вазифаси”, деди Равшан Эрматов.

Йиғилишда шунингдек, болалар-ўсмирлар ва аёллар футболини ривожлантириш, ички чемпионатлар нуфузини ошириш, турнирларга футболчиларни нафақат жисмонан, балки руҳан тайёрлаб бориш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Футзал терма жамоасининг Жаҳон Чемпионатидаги иштироки ижобий баҳоланди. Ўз навбатида, футзални янада ривожлантириш учун ўйинчилар етиштириб беришда алоҳида тизим йўлга қўйиш, бу борада академиялар ташкил этиш каби таклифлар билдирилди.