Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали дастуридан ўрин олган навбатдаги тадбирлар давом этади. Бу ҳақида Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бугун, 30 сентябрь куни Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг Тошкент филиалининг очилиши ўтказилади. Агентлик 2 йилдан буён институт билан ижодий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, 2020 йилда 7 нафар, 2021 йилда 15 нафар талабалар ўқишга юборилди. Эндиликда Ўзбекистонда кинематография соҳаси бўйича драматургия ва кинопродюсерлик йўналишлари бўйича профессионал академик таълим берилади.

Кун давомида “Ўзбекфильм” киноконцернида талабалар ва кино соҳасига қизиқувчи ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этилади.

Кечки дастурда Premier Hall Cinema кинотеатрида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Тутқунлик» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтади.

Фильм Президент ташаббуси билан 2019-2020 йилларда ўтказилган “Меҳр” операциясига бағишланади. Унда уч инсон ҳаёти параллел равишда кўрсатиб борилади. Сценарий муаллифи Азамат Қоржовов ва Рашид Маликов, постановкачи режиссёр Рашид Маликов, постановкачи оператор Алексей Вензос, композитор Дмитрий Янов-Яновский, рассом Дониёр Абдураҳманов, либослар бўйича рассом Елена Аитова. Фильмда ролларда Нигина Анорбоева, Феруза Собитова, Анвар Мавлонов, Фирдавс Орипов, Элбек Файзиев ва бошқалар ижро қилган.

Маъмулмот учун, Тошкент халқаро кинофестивали 3 октябрга қадар давом этади.