ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган, Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев Андижондаги сафари давомида журналистларнинг 3 та саволига жавоб берди. Бу ҳақда Азиза Қурбонова ўзининг Telegram каналида хабар бермоқда.

Қурбонаванинг маълум қилишича, у онкологияда тугал ташхис қўйиш учун энг зарур ПЭТ КТ аппаратини ҳудудларга ўрнатиш масаласи ҳақида савол берган.

– Шавкат Миромонович, ёдимда бор, 14 май куни онкологик касалликка чалинган болалар ва катталар билан суҳбатлашгандингиз.

Ўшандан кейин кўп нарса ўзгаряпти, кузатяпмиз. Яна бир муҳим масала ҳам бор эди, 6 ой аввал ҳар бир вилоятга Позитрон эмиссион компьютер томография- ПЭТ КТ аппаратлари олиб келинади, деган эдингиз.

Тан олиш керак, бу қиммат ускуна. Бу фақат Тошкентда Федорович шифохонаси ва Берунийдаги хусусий клиникада бор.

ПЭТ КТ ҳамма вилоятда бўлади, деб айтганингизни ижтимоий тармоқда ёзганимда жуда кўпчилик хурсандчилик билан кутиб олганди. Ҳар сафар одамлар мендан жавоби нима бўлди, ўрнатилдими, деб сўрашади. Андижонга келдими, водийга келдими деб қизиқишяпти. Бу ҳақда бирор янгилик борми?

Бу жуда оғир савол. ПЭТ КТ ускунасининг радиацияси бор. Бу  ускунани олиш мумкин, унга аввал шароитни ҳозирлаш, ишлайдиган одамини топиш керак.

Ўзим ҳам бу масала билан кўп шуғулланганман. Мен бош вазир бўлиб ишлаган пайтимда билардим, агар ПЭТ аппарати бўлмаса, одамлар чет элга боравериб, кўп маблағ йўқотади,   қийналишарди.

Шунинг учун ўша ҳозирги аппаратни ҳам давлат ҳисобидан олиб келтириб, ўрнатганмиз. У энг замонавий аппарат эди, лекин унда ишлайдиган кадрлар ядро физикаси билан шуғулланган ёши катта мутахассислар, ёш кадрлар топиш ҳалигача қийин.

Миллий университетимиз ёнидаги хусусий клиника ҳам ҳозир яхши ишлаяпти, улар ҳам мутахассисни чет элдан жалб қилган.

Ўзингиз биласиз, биз бориб кўрган онкология касалхоналардан кўп болалар кўчирилди. Д. Рогачёв номидаги олийгоҳдан мутахассисларни чақирдик, улар соҳанинг замонавий талабларини ўргатишди, тажриба алмашишди. Биз вақт йўқотмаслик учун пандемия даврида қурган 2 та бўлимни онкологияни даволашга ажратдик.

Андижонда ҳам онкология бўйича бирорта биноси ҳам, ускунаси ҳам йўқ эди. 2 йилда вилоятда республикада биринчи ўриндаги онкология диспансери қурилди.

Вилоятларга маммограф аппарати олиб келиняпти. Ҳозир менга айтишди: шу ускунада текширилиб, вилоятда 12 аёлда онкологик ўсма ривожланишининг олди олинди. Биринчи босқичда бўлган ўсмани тезда даволаш мумкин.Текшириб турилмаса, аёлларимиз, айниқса қишлоқ аёллари 3-4 йил вақт йўқотиб, 3-босқичга бориб қолганини билмай қолишади… Оқибати эса яхши бўлмаслиги мумкин.

Республика онкологияси учун ҳам замонавий бино қуриляпти. Лекин бу ерда ким ишлайди? Мени шу масала қийнайди. Информацион технологиялар,  телемедицина билан ишлай оладиган кадрларимиз етарлими?

4 ой ичида Корея Ресубликасининг онкологик касалликларни даволаш бўйича тажрибасини яхлитлигича ўрганиш ва ўзимизда жорий этиш бўйича бир неча марта музокара бўлди.

Корея, АҚШдаги стандартларига амал қилган ҳолда радиацион ускуналардан зарарланиш хавфи жуда катталигини инобатга олиб,   2 қаватли махсус энг замонавий бино қуриб, ПЭТ КТ ўрнатилади.  Мутахассисларимиз бу масала бўйича ишлашяпти.

ПЭТ аппаратини сотиб олиш осон. Бир қарасанг кичкина масала, аммо бир-бирига боғлиқ қанча масала бор. Биз онкологияда мактаб яратишимиз лозим. Бино қуриб, ускуна олиб келиш билан масалани ҳал қилолмаймиз, биринчи бўлиб, кадрларни тайёрлабгина тизимни йўлга қўямиз.

ПЭТ КТ ускунаси ҳар бир вилоятда бир эмас, бир нечтаси ўрнатилади. Кореядан мутахассислар жалб қиламиз, улар диагностика, операциялар қилиш бўйича тажрибасини ўргатади.

Ижтимоий тармоқлардаги муштарийларингизга айтинг,  бу масала президентнинг эсида ва назоратида”, – дейди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг ЎзА бош директори ўринбосари Хушнудбек Худайбердиев ва MY5 телеканали мухбири Умида Олимова савол беришган.

Шавкат Мирзиёев 20 дақиқа давомида энг майда деталига қадар тушунтириб, жавоб берди. “Онкологик ўсма кейинги босқичга ўтиб кетса, оқибати ёмон бўлиши мумкин” деганида кўзимда ёш йиғилди.

Оиламизда бир яқинимизни йўқотдик, кейингисининг болаларига бош бўлиш учун ҳамма нарсага тайёрман.

Дунё онкобеморларни кейинги босқичларда ҳам қутқариб қоляпти. Ўзбекистон ҳам дунё онкопротоколига тезроқ чиқишини орзу қиламан”, – деб қўшимча қилди Азиза Қурбонова.