Effect.uz интернет нашрига Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган “Apleona sam facility management LLC (SANED)” компаниясида мигрант сифатида ишлаётган ўзбекистонлик фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатчиларнинг сўзларига қараганда, улар 9 ойдан бери шароитлари жуда абгор ҳолатга келиб қолган жойда яшашга мажбур бўлишмоқда.

Қуйида ўша фуқаролардан бири Анвар Йўлдошев (исм-фамилия ўзгартирилган) нинг таҳририятимизга келиб тушган мурожаатини келтирамиз:

«Биз Ташқи меҳнат миграцияси орқали Бирлашган Араб Амирликларига ишлаш учун келганмиз. Бу ердаги шароитларга 9 ой чидадик, энди бу аҳволда яшай олмаслигимиз аниқ. Бу ерда синов муддатини ўтаб қўшимча 1 ой текин ишлаб бердик лекин компания бизнинг пасспортларимизни ва иш ҳақларимизни ҳам бермаяпти. Орамизда кетадиганлар бор. Бу ҳақида ташқи меҳнат миграциясига расмий мурожаат билан чиқдик, қолаверса, Ўзбекистоннинг Бирлашган араб амирликларидаги элчихона ва консуллик бўлимларига ҳам расмий мурожаат қилиб пасспорт ва ойликларимизни олиб беришларини сўрадик. Минг афсуски, улар бизга ёрдам бера олмаймиз, деб айтишди. Ишимизни тугатганимизга 2 ҳафта бўлди, лекин ҳеч қандай садо ёқ. Охирги ойлигимизни 15 июльда олганмиз. Мана 2.5 ойдан бери пулсизмиз. Қарз олмаган жойимиз қолмади.

Яшаш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Бу ерда санитария гигиеник аҳвол умуман 1% га ҳам тўғри келмайди. Канализация тозалаш машиналари кунига 24 соат ишлайди, ундан чиқаётган ҳид ва шовқин инсонга ҳар томонлама зарар олиб келяпти. Ўзимизда соғлигимиз билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб учраяпти. Ошхона, душ ва ҳожатхона ер билан битта бўлиб ётибди. Очиғини айтадиган бўлсак, қамоқхонадагилар ҳам биздан яхшироқ яшайди»

Шунингдек Анвар Йўлдошев август ойи ва сентябрнинг 15 кунлик маошлари берилмагани, сентябрдан ҳозиргача фақат шу ётоқхонада «жон сақлашаётганини» айтиб ўтди.

Бундан ташқари иш расман тугаган бўлишига қарамай, қайтиб кетиш учун фуқаролик паспортлари қайтиб берилмаётгани, билет сотиб олиш уёқда турсин ҳозир яшаш учун – кунлик еб ичиш учун ҳам маблағлари қолмагани ҳақида ёзади мурожаатчи.

Ҳолат бўйича, масъул ташкилотлар, шу жумладан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан ҳолат бўйича муносабат билдиришларини сўраб қоламиз.

Жавоҳир ҚАДАМОВ