Афғонистоннинг Зобул вилоятида “Толибон” ҳаракати жангчилари ва ИШИД жангарилари ўртасида отишма содир бўлди. Бу ҳақда Kabul News хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ИШИД “Толибон” жангчиларига пистимадан ҳужум қилишган ва натижада 17 нафар толиб, 3 нафар ишидчилар ҳалок бўлган.

Қайд этиш жоиз, 26 сентябрь куни Афғонистоннинг Гор вилоятининг Чагчаран шаҳрида “Толибон” ва ИШИД террористик жангчилари ўртасида отишма юз берди. Ушбу отишма натижасида ИШИД жангараси ва маҳаллий аҳолидан бир киши ҳалок бўлди, яна бир террорист “Толибон” томонидан қўлга олинди.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.