Бугун, 29 сентябрь куни ўн тўққизинчи ялпи мажлисда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Сенат Ишчи гуруҳи томонидан вилоятни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама қилинган.

Ҳисоботда вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Хусусан, сўнгги беш йилда Қашқадарё вилояти шаҳар ва туманларини комплекс ривожлантириш юзасидан Президентнинг 1 та, Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори қабул қилиниб, тасдиқланган дастурлар доирасида қатор ишлар олиб борилган.

Жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш йўналишларида қарийб 8,1 трлн сўмлик 6,3 мингта инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 28 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича 122 та мактабгача таълим ташкилоти, 210 та умумтаълим мактаби ва 81 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 10 мингдан ортиқ хонадонга эга бўлган 250 дан зиёд кўп квартирали уйлар ҳамда қарийб 4,9 мингта янги намунавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 2,4 минг км дан зиёд автомобиль йўлларида қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилган, 3 минг км дан ортиқ электр узатиш тармоғи ва 858 дона трансформатор пунктида амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишлари натижасида 275 мингдан зиёд аҳоли ва 900 га яқин тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга эришилган.

Вилоятдаги 667 км газ қувурлари янгидан монтаж қилиниши эвазига жами 10 мингга яқин аҳоли хонадонлари табиий газ билан таъминланган, 315 минг аҳоли учун ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 968 км ичимлик суви қувурлари реконструкция қилинган.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 3,7 минг км коллекторларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган, 58 та ирригация объектини қуриш ва реконструкция қилиш эвазига 61 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланган. Вилоятда ишлаб чиқарилган пахта толасини қайта ишлаш даражаси 11,9 фоиздан 52,2 фоизга ошган.

Бундан ташқари, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилган.

Хусусан, жорий йил I ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 19,3 трлн сўм, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,7 фоизни ташкил этган. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,8 млн сўмдан иборат бўлиб, йил якунида 10,7 млн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ жорий йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 1,9 трлн сўмлик жами 709 та лойиҳа ишга туширилган ва 4,4 мингта янги иш ўрни яратилган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосан Хитой, Туркия, Сингапур, Эрон, Россия, Канада, Нидерландия давлатларидан жалб этилган.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Жумладан, ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида айрим лойиҳалар ташаббускорларининг имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан дастурга киритилганлиги боис ижро муддати келмасдан “истиқболсиз” деб топилган ҳолатлар мавжуд.

Қолаверса, 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида баъзи қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатдан ортда қолмоқда.

10 сентябрга қадар якунланиши белгиланган Қарши туманидаги 26-сонли мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари 29 фоизга бажарилган. 10 октябргача фойдаланишга топширилиши белгиланган Қарши тумани “Ботош” даҳасидаги 4 қаватли янги мактабнинг ҳатто биринчи қаватини қуриш ишлари ҳанузгача якунланмаган.

Қашқадарё вилоятдаги кичик саноат зоналарининг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани айтилди.

Хусусан, фаолияти бошланган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилмаган.

Деҳқонобод туманида етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлса-да бугунги кунга қадар кичик саноат зонасини ташкил этиш чоралари кўрилмаган.

Нишон, Яккабоғ, Ғузор, Миришкор, Муборак, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган 10 та кичик саноат зонасини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалда бошланмаган.

Вилоятдаги умумтаълим мактаблари учун республика “Transport va logistika xizmati” ДУК томонидан 46 фоиз дарсликлар етказиб берилган, холос.

Ушбу дарсликлар жамланмасининг 24 фоизи тўлиқ бўлмаганлиги боис омборхонада сақланмоқда, бунинг натижасида ўқувчилар ўқув йилини китобсиз бошлади.

2021 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 93 та умумтаълим мактабини жиҳозлаш белгиланган бўлиб, шундан 36 тасига мебель ва жиҳозлар қисман етказиб берилган, қолган 57 тасига эса умуман етказиб берилмаган.

Ҳудудда 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 3 минг 108 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга ортган.

Содир этилган жиноятлардан 1 минг 828 тасининг (шундан 963 таси маҳаллада содир этилган) ёки 58,8 фоизининг олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган.

Мажлисда ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 13 сентябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, муҳокама қилинди.

Шунингдек, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди ва ижроси юзасидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.