Тошкентда “Иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи” мавзусида Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. Унинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар асосан, Ўзбекистон пандемия шароитида иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини сақлаб қолгани ва бунга сабаб бўлган омиллар ҳақида фикр билдиришди, дея хабар бермоқда “Sputnik” нашри.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерденинг сўзларига кўра, Ўзбекистон – ҳудудда ривожланиш кўрсаткичларини сақлаб қолишга муваффақ бўлган кам сонли давлатлардан биридир.

Мамлакат кейинги йилларда ҳаммамизни синовдан ўтказган мураккабликларга бардош бера олди. Бунинг бир нечта муҳим омиллари бор. Ҳамкорликда ишлаган ҳолда ички ва ташқи савдо соҳасида кўпгина тўсиқларни олиб ташладик.

Солиқ тизими ислоҳ қилинди. Шунингдек, ички ва халқаро капитални самарали ишлатишга эришилди. Шуларнинг оқбатида Ўзбекистон иқтисодининг бардошлилик даражаси мустаҳкамланди. Биз бундан кейин ҳам мамлакатда амалга оширилаётган янгиланишларни қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Анна Бьерде.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Шиксин Ченнинг таъкидлашича, мураккаб шароитларда кўрсаткичларни сақлаб қолишда макроиқтисодий барқарорлик муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига чиқишни режалаштирган.

Мамлакатда COVID-19 га қарши самарали ечимлар ишлаб чиқилган. Инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратилган.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг кўп йиллик ҳамкори ҳисобланади. Биз бундан буён ҳам капитал бозорини ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини тараққий эттириш йўналишларида бирга ишлашга тайёрмиз”, – деди Чен.

“Rotshild & Co” Кузатув кенгаши раиси ўринбосари Эрик де Ротшильд бундан бир неча йил олдин Ўзбекистондаги янгиланишлар валюта бозорини ислоҳ қилиш билан бошланганини эслатди. Кейинчалик пандамияга қарши молиявий буферлар яратилди.

Шу каби омиллар 2020 йилдаги иқтисодий ўсишга сабаб бўлди. Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда ўсиш кўрсаткичлари бу йил ҳам давом этади – биз шунга умид қиламиз. Биз ўзбекистонлик ҳамкорларимизни иқтисодий масалаларда, эмлаш масалаларида қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Бугун Ўзбекистонда иккинчи босқич ислоҳотлар бошланаяпти. Демак, фаолият учун янги майдонлар очилади”, – деди Эрик де Ротшильд.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров сўнгги 4-5 йилда Ўзбекистоннинг ЯИМга нисбатан қарзи ўсгани, бироқ кейинги вақтларда қарз ўсиш суръати яна пасайганини кўриш мумкинлигини қайд этди.

Умуман, Ўзбекистонда ташқи қарз масаласи кучли назорат остида ушлаб турилибди. Ислоҳотларнинг кейинги босқичида хусусий секторни ривожлантириш масаласига алоҳида урғу берамиз”, – деди Қўчқоров.