Ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда пойтахтимизда болалар ўртасида юқори нафас йўллари яллиғланиши билан боғлиқ номаълум юқумли касаллик тарқалаётгани, “Тез ёрдам” хизматига болаларда иситма кўтарилиши билан боғлиқ чақирувлар сони кескин ортгани, шу боис, бу қандай касаллик эканини аниқлаш ҳамда пойтахт умумтаълим мактаблари ва болалар мактабгача таълим муассасаларини 10 кун муддатга карантинга ёпиш лозимлиги тўғрисидаги хабар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди:

“Ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаган ушбу шахс тиббиёт ходими эканлигини эътиборга олсак, соҳада белгиланган тартибга мувофиқ, шифокор ўз амалиётидаги хулоса ва фикрларини “Тез ёрдам” хизматининг навбатчи бригадаси бошлиғи ёки муассасанинг масъул раҳбарига ҳамда тизимнинг мутасадди экспертларига билдириши лозим. Агар унинг фикри чиндан ҳам асосли бўлса, муаммони ечиш бўйича ўрнатилган тартибда қарор қабул қилинади ва ижрога йўналтирилади.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларда вазирлик номига “Бу қандай касаллик?” – дея мурожаат йўллаш орқали кенг омманинг фикрини нотўғри шакллантириш, аҳоли ўртасида асоссиз ваҳима ва безовталикни қўзғашга сабаб бўлувчи бундай чиқиш мутахассисдан катта масъулият талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу тиббиёт ходимининг бундай позицияси соҳада ўрнатилган тартиб ва касб этикасига умуман зиддир.

Аслида  ҳар йили куз ва қиш фасли грипп ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари авж оладиган палла ҳисобланади. Шу боис, бу йил ҳам айни шу мавсумда нафақат болалар, балки катталар  ўртасида ҳам  йилнинг бошқа даврларига нисбатан грипп ва ЎРВИ хасталиклари нисбатан кўпроқ кузатилади.

Шуни айтиш лозимки, соҳа мутахассислари томонидан доимгидек бу йил ҳам тана ҳарорати кўтарилиши билан шифохонага мурожаат қилаётган болалар текширувдан ўтказилганда уларда ҳеч қандай номаълум вирус аниқланмагани, касалликни оддий ўткир респиратор вирусли инфекциялар қўзғатаётгани маълум бўлмоқда.

Шундай экан мавсумий касалликдан фожеа ясаш, шусиз ҳам бугунги мураккаб пандемик шароитида яшаётган одамлар орасида асоссиз ваҳима уйғотиш яхши ҳолат эмас, деб ўйлайман – дейди Нурмат Атабеков.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йил сентябрь ойи бошидан буён Ўзбекистонда мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалишини тўлиқ назоратга олган ва касаликка чалинган барча болалар тўлиқ шифокорлар назоратида.

Шундай экан, мамлакатдаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларини карантинга ёпишга ҳеч қандай асос йўқ. Қолаверса, юртдошларимиздан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли нотўғри  хабарларга ишонмаслик ҳамда ваҳимага тушмасликлари сўралади”, – дейилади хабарда.