Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ЎзЛиДеПдан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятидаги ишончли вакили Самойдин Хусенов Бухоро тумани сайловчилари билан учрашди.

Шу муносабат билан, ишончли вакил айни пайтда – туман Кенгаши депутатлари, илм-маърифат вакиллари, маҳалла фаолларидан шакллантирилган тарғибот гуруҳи аъзолари билан учрашиб, уларга сайлов ва унинг сиёсий аҳамияти, номзоднинг сайловолди дастурининг асосий мазмун-моҳияти тўғрисида маълумотлар бериб, ҳудуд бўйлаб тарғибот ишларини энг юқори савия ва юқори масштабда ўтказишлари бўйича йўл-йўриқ кўрсатди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари билан учрашувда партиянинг Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси СТМ раҳбари Насимжон Алимов, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Фармон Аминов ҳам иштирок этиб, улар ҳам бу борада ўз фикр ва тавсияларини беришди.

Бухоро туманида ўтказилган тарғибот учрашувларининг биринчи манзили  туман маданият маркази бўлиб, иштирокчиларнинг асосий қисмини турли соҳа ва тармоқларда ишлаб келаётган ва нафақага чиққан кексалар, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маҳалла фаоллари, ёшлар ташкил этди.

Ўтган беш йилликдаги дастурнинг ижроси таъминланганлиги, янги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиши ҳисобига кўп минг сонли иш ўринлари яратилганлиги, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга ҳам маънан ҳам моддий томондан ёрдам берилганлиги, электр  ва табиий газ таъминоти бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи бирин-кетин иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Хусусан, “Темир” дафтар, “Аёллар” дафтари, “Меҳр” дафтари каби лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши натижасида бир қатор кам таъминланган оилаларга керакли ёрдамлар кўрсатилгани, бемор болалар, касалманд аёлларга ижтимоий ва тиббий ёрдам берилгани, улар билан тизимли равишда амалий ишлар олиб борилаётганлиги исбот талаб этмайдиган ишлардир.

Ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастури билан йиғилганларни таништириб ўтар экан, асосий урғуни номзоднинг асосий мақсади “Инсон қадри учун”, яъни мамлакатимизда инсон қадрини ошириш эканилигига қаратди. Зеро, ҳар бир амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилган ишларнинг бари халқ, инсон манфаатига хизмат қилади.