“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимов Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашуви ўтказди. Учрашув Нукус шаҳридаги Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси биносида бўлиб ўтди.

“Мен Қорақалпоғистон замини ва унинг бағри кенг халқини яхши биламан. Бу юртнинг тузини еганман. Юзлаб хонадонларда бўлганман. Илмий изланишлар ўтказганман. Бу ер халқи ўзининг самимийлиги, камтарлиги, меҳмондўстлиги билан қалбимдан ўрин эгаллаган”, – дейди Абдуҳалимов Қорақалпоғистон ҳақида гапирар экан.

Қонун устувор бўлган жойда ҳамиша адолат барқарор бўлади. Қонун мустаҳкам бўлган жойда кўнглимизда ҳаловат, турмушимизда хотирижамлик, ҳаётимизда фаровонлик бўлади.

Агар қонунлар адолатли бўлиб, инсон ҳуқуқлари амалда самарали ҳимоя қилинса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади”, – дея қўшимча қилди у.