Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова Навоий вилояти сайловчилар билан учрашув ўтказди. Вилоят марказидаги “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтган тадбирни ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев очиб берди.

Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маърузасида асосий мақсад сифатида мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш белгилаб олинган дастурда давлат бошқаруви, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт, маданият, қонун устуворлигини таъминлаш, ташқи сиёсат масалаларига доир устувор йўналишлари қамраб олинган.

Бугунги сайловлар, олдингиларидан фарқли равишда, юртимизда юзага келган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий муҳитда ўтаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Бу жараёнларда партиямиз ҳам фаол қатнашиб, ўзининг муҳим ва аҳамиятли ҳиссасини қўшди. Сиёсий курашларда тобландик, электоратимизнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини амалга ошириш борасида жуда катта тажриба тўпладик.

Бизнинг қатъий позициямиз – давлатдан нафақа олувчилар ва пенсионерларга тўланадиган маблағлар уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қоплашини таъминлаш даркор. Масалан, бугунги кунда Навоий вилоятида давлатдан нафақа олувчилар ва пенсионерлар 131 минг 102 нафарни ташкил этади.

Уларга тўланаётган нафақа ва пенсиялари ҳар доим ҳам уларнинг кундалик ҳаётларига ҳаражатларига етарли дея оламизми?

Яна бир муҳим масала ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун тенг шароитлар яратишдир.

Биз иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлашда:

– келгуси 5 йилликда камбағал аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш;

– 2030 йилга қадар фуқароларнинг ўта камбағал ҳолатда кун кечиришига барҳам бериш асосий вазифаларимиз сирасига киритамиз. Бу борада аниқ чоралар кўрамиз.

Иқтисодий ўсиш барқарор бўлиши учун қатъий, лекин мувозанатли макроиқтисодий сиёсат юритилиши керак. Бюджет харажатларини оптималлаштириш, самарасиз имтиёзлар ва субсидияларни бекор қилиш, паст инфляция ва сўмнинг эркин курсини сақлаб қолиш, миллий бойликлар адолатли тақсимланишини таъминлаш лозим, деб ҳисоблайман.

Ёлланма ишчиларнинг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида қонунларга риоя қилинишини таъминлайдиган ва меҳнат можароларининг олдини оладиган “Ёлланма ишчилар ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида” қонунни қабул қилиш лозим.

Дастурда “Иқтисодий ресурслар – барча учун!” деган қатъий позициясини илгари сураман!

Аҳолимиз йилига 700 минг нафардан ортиққа кўпаймоқда. Ҳар йили 300 минг янги оила қурилмоқда. Натижада мамлакатимизда уй-жойга эҳтиёжи ва муҳтожлиги бор оилалар сони ҳам тобора ортмоқда. Бу оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Коммунал хизматлар нархи камида уч йилга олдиндан белгиланиши ва бу давр учун тарифлар истеъмолчи учун ҳам, инвестор учун ҳам тушунарли бўлган оддий усул ёрдамида ҳисоблаб чиқилиши зарур.

Барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳада малакали кадрлар, янги ускуналар, ташхис ва даволаш усуллари билан таъминлаш бўйича ҳал қилувчи чоралар зарур” – дейди Ворисова.

Номзоднинг дастурида Навоий вилоятини жадал ривожлантириш, халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича ҳам чора-тадбирлар бегиланган.