Бугун, 29 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Қўғирчоқ театрида Ўзбекистон Экологик Партиясидан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов билан сайловолди учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда номзод ва унинг ишонч вакили ҳам иштирок этди.

“Ҳаммага маълумки,  яхши кунлар билан бирга машаққатли  кунларни ҳам кўрдик.   Бу кунлардан бир бутун бўлиб чиққанимиз бизнинг ютуғимиз. Ўйлайманки, Сурхондарё халқи мустақиллигимизнинг мустаҳкамлиги йўлида доим қамарбаста бўлади” деди Нарзулло Обломуродов.

Шунингдек Н. Обломуродов вилоятдаги асосий муаммолардан бири ичимлик суви танқислиги масаласига ҳам тўхталди. Сайловолди дастуридаги ичимлик суви билан боғлиқ йўналишларнинг мазмун-моҳияти йиғилганларга батафсил тушунтирилди.

“Албатта,  навбатдаги асосий масалалардан бири оқова сувлар муаммосидир. Сурхондарёда ҳам бу муаммолар юзасидан барча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган”, деди Обломуродов.

Бундан ташқари Нарзулло Обломуродов Сурхондарёга ташрифи чоғида Термиз шаҳрининг “Амударё” дам олиш масканида “Дарахт экиш” акциясида қатнашди.

Экологик Партия лидери бу ерда биринчи кўчатни экиш акциясини бошлаб берди. Акция доирасида турли хил манзарали дарахтлар экилиши айтилмоқда. Бу каби акциялар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилади.

Нарзулло Обломуродов бундан ташқари, Термиз ҳайвонот боғи билан ҳам танишди. Номзод у ерда меҳнат жамоаси билан мулоқот қилди.

Қолаверса, боғ ҳудудида яратилган шароитлар ва мавжуд муаммолар ҳақида очиқ суҳбат бўлди. Шунингдек, пандемия шароитида юзага келган қийинчиликлар ва уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди.

Фото: Экология партияси матбуот хизмати