Ўзбекистонда истеъмолчиларга газ етказиб бериш бундан буён огоҳлантиришсиз тўхтатилмайди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Баҳодир Ваҳобовга таяниб, “Газета.uz” хабар бермоқда.

Газ тизимида президент фармони асосида электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатяпмиз. Ҳозирги кунда 2 млнга яқин бўлиб қолди. Мана шу 2 млн га яқин ҳар бир хонадоннинг уяли алоқа воситаларини баъзага киритганмиз. Агарда истеъмолчи қарздорлик ҳолатига кирадиган бўлса, унга, албатта, SMS тарзда хабарнома юборилади”, — дейди у.

Таъкидланишича, хабарномада истеъмолчи огоҳлантирилади ва унга 5 кун муддат берилади.

Шу муддат ичида истеъмолчи тўловларни амалга оширмаса, автомат тарзда ёпиб қўйилади. Яъни истеъмолчи газ тармоғидан инсон омилисиз ўчади. У қачонки тўловни амалга оширганида, махсус 4 рақамли коди келади, газ ҳисоблагичдаги кўк тугмани босганда, автоматик тарзда яна ишга тушиб кетади”, — дея қўшимча қилади Баҳодир Ваҳобов.

Электрон газ ҳисоблагич ўрнатмаган хонадонларда эса бу сал бошқачароқ, яъни истеъмолчи ё почта орқали ёки алоҳида SMS хабар юборилади. Биз у истеъмолчиларнинг ҳам телефон рақамларини баъзага киритганмиз”, — дейди у.

Баҳодир Ваҳобов авваллари газни огоҳлантиришларсиз узиб қўйиш ҳолатлари тез-тез кузатилганини эслатиб ўтди.

Лекин ҳозирги кунда огоҳлантиришсиз ўчиришга йўл қўйилмайди. Сабаби, битта ҳам бундай ҳолат бўлмаган. Фақат фавқулодда ҳолат бўлса, жойлардаги маҳаллий ҳокимлик, қўмиталарни, албатта, огоҳлантирамиз”, — деди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи.