Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раисининг фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, ушбу соҳада муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Президентнинг 2019 йил 16 августдаги “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ дастур ва режалар ишлаб чиқилган, уларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилган.

Жумладан, республикада 53,5 минг гектар тутзор барпо этилиб, жорий йилнинг  баҳорги мавсумида 62,5 млн туп тут кўчати ва 53 млн тупдан ортиқ якка қатор тут дарахти экилган. Қолаверса, 11 та ипак қурти уруғчилик корхонаси ташкил этилган бўлиб, улар томонидан 2021 йилда 240 минг қути саноатбоп ипак қурти уруғлари ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, 2019-2020 йилларда ипакчилик йўналишида инвестиция дастурига асосан 123 та лойиҳа доирасида 163,4 млн долларлик маблағ, шу жумладан, 10,4 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган.

Жорий йил баҳорги пилла боқиш мавсумида 22,7 минг тонна пилла хомашёси (ҳўл пилла) етиштирилган. Шунингдек, cўнгги тўрт йилда пиллачилик кластерлари сони 19 тадан 76 тага етказилган.

2019-2020 йилларда қоракўл қўйларининг наслини яхшилаш мақсадида Навоий вилояти Конимех тумани, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ва Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станциялари фаолияти йўлга қўйилган. Шу билан бирга, 2021 йилда қоракўлчилик кластерлари томонидан 66 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган.

Соҳада 2019-2020 йилларда экспорт ҳажми жами 150 млн долларни ташкил қилган бўлса, 2021 йил ярим йиллигида жами 101,7 млн долларлик ипак ва қоракўл маҳсулотлари экспорт қилинган.

Қолаверса, Қўмита томонидан 2019-2021 йилларда доимий ва мавсумий иш ўринларини яратиш орқали ҳудудларда жами 2,5 миллионга яқин аҳоли бандлиги таъминланган.

Бироқ амалга оширилган ишларга қарамай ипакчилик, тутчилик, қоракўлчилик ва маданий яйловлар барпо этишни ривожлантириш билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди.

Мутасадди идоралар томонидан давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилмаётганлиги оқибатида тутчилик, пиллачилик ва қоракўлчилик соҳалари етарли даражада ривожланмай қолмоқда.

Хусусан, Жиззах вилояти Янгиобод туманида тадбиркорлик субъектлари томонидан бурғуланган қудуқ ва сув тортиш учун насос станцияси қурилиб, субсидия олиш бўйича барча керакли ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлса-да, бугунги кунга қадар субсидия маблағлари ажратилмаган. Бу ҳолат тизимдаги бошқа интенсив тутзор қуриш истагида бўлган тадбиркорларнинг ўз лойиҳалари тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, 2020 йилда янги тутзорлар барпо этиш учун пиллачилик тармоғи ташкилотларига кўп йиллик ижара шартномаси асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган ер майдонларини ажратиш бўйича ҳудудлар кесимидаги рўйхати тасдиқланган бўлишига қарамай, Жиззах вилоятидан ташқари бошқа бирорта вилоятда тутзорлар барпо этиш учун етарли ер майдонлари ажратилмаган.

Жумладан, республика бўйича тутзорлар барпо этиш учун ажратилиши лозим бўлган 20 минг гектар ер майдонидан атиги 9 минг гектари (45 фоиз) ажратилган холос.

Шунингдек, республикадаги мавжуд тутзорлар ва якка қатор тут дарахтлари хатловдан ўтказилганда режада белгиланган 3,3 минг гектар тутзор ва 26,5 млн туп якка қатор тут дарахтлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Бундан ташқари, кластерларга ажратилиши белгиланган қишлоқ хўжалиги майдонларидан Бухоро вилоятида 339 гектар, Қашқадарё вилоятида 441 гектар кам ер ажратилган бўлса, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида умуман ер ажратилмаган.

Шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти тузилмасида Марказлашган илмий-наслчилик тажриба лабораторияси ташкил этилмаган.

Шу билан бирга, ҳудудларда табиий яйловларни асраш ва уларни яхшилаш тадбирларига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги ҳамда самарасиз фойдаланилаётганлиги оқибатида бугунги кунда доривор ўсимликлар кескин камайиб кетмоқда.

Мажлисда сенаторлар соҳани ривожлантириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилган ишлар етарли даражада эмаслигини қайд этди. Ўз ўрнида, Вазирлар Маҳкамаси ва масъул вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.