ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон ҳудудига Амударё орқали ноқонуний ўтган Афғонистон фуқароси қўлга олинди.

Текширув жараёнида унинг ёнида 9 кг. 84 гр. опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Сурхондарёда кузатилган яна бир ҳолатда вилоятнинг Узун тумани ва Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи 3 нафар шахс 6 кг. 80 гр. гашиш моддасини 30 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ ҳамда божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Тошкент-Самарқанд» йўналишида ҳаракатланиб келаётган «KIA-Bongo» русумли автомашина Самарқанд вилоятининг «Юқори нуқта» ЙПХ масканида тўхтатилди. Автомобиль кўздан кечирилганда, унда кетаётган Самарқанд шаҳрида яшовчи 2 нафар шахсга тегишли 5 кг. 953 гр. «опий» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди ҳамда процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Жиззах-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Nexia-3» русумли автомашина Тошкент шаҳрига кирувчи «Эркин» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Бахмал туманида яшовчи, 1984 й.т. шахс ёнида 2 кг. 818 гр. опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтимизнинг Яккасарой туманида яшовчи, 1976 й.т. шахс бошқарувидаги «Cobalt» русумли автомашинада 80 гр. гашиш гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди. Суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур моддани 1975 й.т., муқаддам судланган танишидан сотиб олганлиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам қўлга олинди. Унинг «Captiva» русумли автомашинаси кўздан кечирилганда, 5 кг 219 гр. гашиш моддаси борлиги аниқланди ва ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.

Яна бир ҳолатда қарийб 2 кг. гашиш моддасини сотиш мақсадида Қўқон шаҳрига олиб кетаётган Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мусодара қилинган жами 17 кг. 855 гр. «опий» ва 13 кг. 379 гр. гашиш гиёҳванд моддаларининг аксарияти Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.