“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка номзод Алишер Қодировнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Номзод бугун Қашқадарёга бориб, сайловолди учрашувини Саидо Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази фаолияти билан танишди.

1943 йилда шаҳар кутубхонаси сифатида фаолиятини бошлаган марказ бугун 300 мингга яқин китоб фондига эга. Кутубхонада жорий йилда 3 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, шарт-шароитлар янада яхшиланди.

Алишер Қодировнинг қашқадарёликлар билан учрашувини ишончли вакил Сайфулла Махматмўминов очиб, номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Қодиров Қашқадарё ҳақида гапирар экан, бу юрт Насафийлар, Кешийлар юрти эканини, Амир Темурни аллалаган, Абдулла Ориповга қалам тутқазган Ватан эканини таъкидлади.

Шу боис, ҳар доим Қашқадарёга келган одамни ҳаяжон босади. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини Қашқадарёда, вилоят халқи кундалик ҳаётида кўриш мумкин,  – дейди номзод.

Мактабларда ҳам ҳунар ўргатишга катта эътибор қаратиш керак. Ҳатто олий маълумотли инсоннинг ҳам қўлида албатта, ҳунари бўлиши лозим. Ёшларда бой бўлишнинг ягона йўли олий маълумот олиш деган тушунча бор. Бу нотўғри қарашдир.

Мактабларда 7-синфдан кейин болаларнинг қизиқишига қараб гуруҳларни шакллантириш лозим. Улар орасида эртанги кунимизнинг тадбиркорлари, ҳунармандлари, илмга иқтидорлари бор. Давлатни ана шундай инсонлар бойитади. Фақат уларни тўғри тарбиялаб, тўғри йўлга солсаккина мақсадга эришамиз.

Аёлларнинг аввало она эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Уларга оилада ҳам, жамиятда ҳам муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Бу билан оғриқли жиҳат – оилаларнинг ажралиб кетиши олдини ҳам олган бўламиз.

ХДПдан кўрсатилган номзод гендер тенглиги орқали аёлларни ҳурмат қилишга чақиряпти. Лекин биз азалдан оналар, қизларимиз, аёлларимизнинг ҳурматини жойига қўйиб келган халқмиз. Бу биз учун аллақачон миллий қадриятимизга айланиб бўлган.

Ўқитувчини бой қилишимиз керак. Маошидан машина минсин, таътилини хорижда ўтказсин. Аммо савиясиз ўқитувчилар бу сафда бўлмаслиги керак. Шу маънода, биз тарбиячилар, педагогларнинг янги авлодини шакллантиришимиз лозим”, – дейди Алишер Қодиров.