Такэвондо бўйича Ўзбекистон терма жамоасига янги мураббий тайинланди. Унга кўра Павел Хан энди терма жамоага бошчилик қиладиган бўлди.

Бу ҳақида ассоциациянинг Токио-2020 якунлари ва янги стратегик режаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов, Спортнинг яккакураш турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров, шунингдек, ассоциация мутасаддилари ва мураббийлари иштирок этишди.

Ўзбекистон терма жамоасининг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик стратегияси билан Шерзод Ташматов ҳамда Павел Хан аниқ ва тушунарли қилиб гапириб беришди.

Унга кўра, ички чемпионат якунига етгач терма жамоа таркиби яна бир бор шакллантириб олинади ва ҳар бир Олимпия вазн тоифасида 2 нафардан спортчи тайёрлаб борилади. Аёллар жамоасига эса жанубий кореялик мураббий жалб этилиши режалаштирилаётгани айтилмоқда.

Маълумот учун, Хан Павел Афанасевич 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Таэквондо бўйича Ўзбекистоннинг илк Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитовнинг мураббийи ҳисобланади.