Мақсуда Азизовна Ворисова – Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ягона аёл номзод.

Ворисова 1961 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий, 1984 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тугатган. Мутахассислиги – шифокор. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

 

Меҳнат фаолиятини 1984 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти клиникасида шифокор вазифасидан бошлаган. 1989 йилдан Тошкент вилояти Зангиота тумани “Назарбек” қишлоқ врачлик пунктида шифокор-терапевт, 2003 йилдан “Назарбек” қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири бўлиб ишлаган.

2018 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланган.

2009-2014-йилларда халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутати, 2015-2019-йилларда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, халқимиз манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қиладиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок етиб, самарали фаолият олиб борган.

2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари комиссияси раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари, 2018 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раис ўринбосари лавозимида ишлайди.