ЎзПФЛ йил аввалида “Клубларни лицензиялаш регламенти”ни ишлаб чиқиб, мавсум давомида уларни шу ҳужжат асосида мониторинг қилиб борди. Ҳозиргача клублар 5 та мезон: спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий ва молиявий мезонлар бўйича ҳужжатлар тақдим этди.

Ёритиш тизими:Ёритиш тизимининг талаб даражасида эмаслиги айрим клубларнинг асосий камчилиги бўлиб турибди. Жумладан, “Сурхон”, “Машъал” ва “Андижон” клубларида бу муаммо устида ишланмади ва ОФК мазкур клубларга лицензия тақдим этмаслиги катта эҳтимол. “Қўқон-1912” мазкур муаммони ҳал қилиш устида нисбатан ишлади. Бироқ клуб белгиланган муддат ичида мазкур муаммони бартараф этишга улгурадими ёки йўқлиги асосий масала бўлиб турибди. Шунингдек, бу борада АГМК ва “Металлург” жамоалари ҳозирча ОФК талабидан ортда қолаётганини эътироф этиш керак.

Маълумот учун ЎзПФЛ билан 2021-йилги мавсум давомида ҳамкорликда ишлаган “Турон”, “Қизилқум”, “Сўғдиёна”, “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Насаф” клублари прожекторларини ОФК талаб этган кўринишга келтиришга эришди.

Қарздорлик масаласи:ОФК мазкур масалага жиддий эътибор қаратади. Уч клубимизда бу борада муаммо мавжуд. “Бухоро” клуби қарздорлик бўйича муаммоларни 90 фоизга ҳал қилишга эришди ва яна икки иш устида ишлаши лозим. Владимир Бубаня эса “Сурхон” билан яна худди ўтган йилги сценарий асосида хайрлашди.

Клуб яна футболчи олдидаги қарздорликни ёпиши ва қишки трансфер ойнаси ёпилиши эҳтимолини бартараф қилиши лозим. Аммо “Навбаҳор” клубида вазият оғир. Клубнинг Алексей Беленков, Андрей Канчелскис каби мутахассислар олдида қарзи бор. Бу муаммо бартараф қилинмагунига қадар, “Навбаҳор” халқаро майдонда тўп сура олмайди. Ачинарли томони шундаки, “Навбаҳор лочинлари” футбол клуби қолган барча мезонлар бўйича ОФК талабига тўлиқ жавоб беради.