Ўзбекистонда 12 ёшдан катта болалар COVID-19га қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланишга рухсат берилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Коронавирусга қарши Pfizer вакцинасининг 12-15 ёшдаги болаларда ўтказилган клиник синовларининг натижалари мазкур вакцинанинг юқори даражада самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатди”, дейилади ССВ хабарида.

Шу муносабат билан жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 12 ёшдан юқори болаларни ва ўсмирларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, юртимизда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш имконияти мавжуд.

Ўзбекистонда ҳам 12 ёшдан катта болалар шифокор кўригидан ўтгач, коронавирусга қарши Pfizer вакцинаси билан эмланишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 13 сентябрь куни Ўзбекистонга 1 200 000 дозаси Pfizer/BioNTech вакцинаси олиб келинган. Айни кунгача мамлакатда жами 19 969 345 доза вакцинадан фойдаланилди. Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 4 283 645 нафарни ташкил қилмоқда.