Мамлакатда исломий муҳит яратилмагунча энди Кобул университетида аёллар дарсларга қатнашиши ёки ишлашига рухсат берилмайди, деб эълон қилди Кобул университетининг Толибон тайинлаган янги ректори ўзининг расмий твиттер саҳифасида.

“Ҳамма учун чинакам исломий муҳит таъминланмагунча, аёлларга университетларга бориш ёки ишлашга рухсат берилмайди. Аввало, ислом“, —  деб ёзади Муҳаммад Ашраф Ғайрат.

Сўнги маълумотларга кўра, Баҳрайн афғон халқи танлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда БМТ Бош ассамблеясининг 76 сессиясида сўзлаган Баҳрайн Ташқи ишлар вазири Абд аль Латиф бен Рашид маълум қилди.

“Баҳрайн Қироллиги афғон халқи тарафида қолади. Баҳрайн афғон жамиятининг барча партиялари ва гуруҳлари ўртасида тинч йўл билан сиёсий мулоқот орқали ҳал этиш зарурлигини қўллайди”, — деди вазир.

БМТ эса Афғонистонга 131 миллион долларлик ёрдам маблағлари қабул қилди. Ташкилот хабарига кўра, бу йил охиригача мамлакатга ёрдам бериш учун зарур бўлган, эълон қилинган маблағнинг 21,7 фоизини ташкил қилади.‌‌

Афғонистондаги аксарият банкоматлар, шунингдек, банк филиалларининг 50 фоизга яқини нақд пул ва валюта етишмаслиги туфайли ишламаяпти. Бу Кобулдаги деярли ҳар бир банк филиалида навбатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.