Бугун, 26 сентябрь куни Афғонистоннинг Гор вилоятининг Чагчаран шаҳрида “Толибон” ва ИШИД террористик жангчилари ўртасида отишма юз берди. Бу ҳақда Aamaj News хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ушбу отишма натижасида ИШИД жангараси ва маҳаллий аҳолидан бир киши ҳалок бўлди, яна бир террорист “Толибон” томонидан қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича “Толибон” ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермади.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.