Тошкент шаҳар ИИБ ижтимоий тармоқларда Учтепа туманидаги жанжал акс этган видео юзасидан маълумот берди.

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Учтепа тумани Чилонзор-15 мавзесида ёш болалар ўзаро жанжаллашиб қолган.

Уларни ажратишга чиққан яқинлари 51 ёшли Лилия Я., унинг қизи 26 ёшли Диана И. ва 32 ёшли Барнохон Р., унинг турмуш ўртоғи 40 ёшли Жамшид Р. лар ўртасида эса можаро юзага келган.

Катталар бир-бирини ҳақорат қилиб, жамиятда юриш туриш қоидаларини бузишган.Шундан сўнг Лилия Я. Учтепа тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилган.

Унинг аризаси юзасидан ўтказилган текширув натижаси бўйича Лилия Я., Диана И., Барнохон Р., Жамшид Р.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик” билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилишлик учун туман судига тақдим этилган.

Шунингдек, ўзаро жанжаллашган болалардан ҳеч ким суд тиббий экспертизадан ўтмаган.

Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлар! Сиз ўз ҳаракатларингиз билан болаларга ўрнак бўласиз, уларга намунасиз. Фарзандингиз келажакда яхши инсон бўлиб камолга етиши учун аввало ўзингизни тарбиялашдан бошланг. Қонунларни, жамиятда юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилишда, уларга риоя этишда фарзандингизга намуна бўлинг!”, – дейилади хабарда.