18 сентябрь куни соат тахминан 17:00ларда Тошкент метрополитенининг “Олмазор” бекатида 13 ёшли қизга тегажоғлиқ қилган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 18 сентябрь куни Тошкент метрополитенинг “Олмазор” бекатида вояга етмаган шахсга нисбатан беҳаё ҳаракатлар содир этиб, қидирилаётган шахс қўлга олинган бўлиб, у илгари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166 (талончилик), 169 (ўғирлик) ҳамда 127 (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги учун судланган, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи, 1989 й.т., фуқаро К.Ш. эканлиги аниқланди.

Ҳозирда, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан мазкур шахснинг ҳаракатларида вояга етмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш жиноятининг аломатлари мавжудлиги текширилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ёки яқинларингиз ушбу фотосуратда кўрсатилган шахснинг ҳаракатларидан жабрланган бўлсангиз, дарҳол 102 рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар органига хабар беришингиз сўралади”, – дейилади хабарда.