Қашқадарё  вилояти Чироқчи тумани прокуратураси чироқчилик 25 ёшли йигитнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 25 июнь куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани “Лангар” МФЙ Тўлақул қишлоғида яшаган марҳум Ж.А. қўшниси – ҳомиладор Н.Ж.га нисбатан куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга ундаган.

Бироқ, юзага келган ҳолатда ўз номусини ҳимоя қилган аёл ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ж.А.га бир маротаба зарба бериб, етказилган тан жароҳати натижасида Ж.А. вафот этган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Чироқчи туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов давомида марҳум Ж.А.нинг ўлими юзасидан Чироқчи тумани прокурори томонидан “Лангар” қишлоғида аҳоли ва жабрланувчилар билан учрашувлар ўтказилган.

Марҳумнинг яқинлари туман прокуратурасида бир неча маротаба қабул қилиниб, уларнинг жиноятга Н.Ж.нинг акаси ва отасининг ҳам алоқаси борлиги ҳақидаги тахминлари дастлабки терговда текширилганда, ўз тасдиғини топмаган.

Тергов якунига кўра, Н.Ж.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, 07.09.2021 йилда жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.Жиноят иши ҳозирда жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида кўрилмоқда.