Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида асли вилоятнинг Яккабоғ туманидан экани айтилган Сурайё Нормуродова тўрт кундан бери кўча-кўйда, чиқиндихоналарда тунаб юргани маълум бўлди. Бу ҳақда “Дарё” интернет-нашри хабар бермоқда.

Нормуродованинг айтишича, у 2017 йил Яккабоғ туманидан Қарши туманининг Аврора массивига келин бўлиб тушган.

Бироқ турмуш ўртоғининг спиртли ичимликка берилгани ва фарзандига шафқатсизларча муносабатда бўлгани уни оиласини ташлаб чиқишга мажбур қилган.

Уйини тарк этган аёл дастлаб Нишон туманидаги фермер хўжаликларидан бирида ишлаган. Кўп ўтмай, турмуш ўртоғи ўзгарганини айтиб, Сурайё Нормуродовани яна уйига қайтарган. Сўнгра қайнота набирасига деб аталган уйни ўғли ва келинига берган.

“Лекин эрим яна эски қилиқларини бошлагач, боламнинг соғлиғини ўйлаб, яна уйини тарк этдим. Аммо кўп ўтмай турмуш ўртоғим вафот этди.

Шундан бери ўғлим билан кўча-кўйда яшаб келамиз. Қайнонамникига қайтай десам, улар уйига киритмайди.

Бизга берилган “дом” ҳам эримнинг биринчи оиласидан бўлган фарзандига аталган экан. Беришмаяпти.

Ака-укаларим ҳам ҳолимни билса-да, ёрдам бермайди. Сал аввалроқ акамнинг ўғли келиб, қўлимга 50 минг сўм пул бериб кетган эди. Бори шу”, — дейди ўғли билан кўчада яшашга мажбур бўлаётган аёл.

Сурайё Нормуродова боласини боқиш илинжида ҳар куни шаҳар кўчаларида, чиқиндихоналарда яшаб юрибди. У аввалроқ кўмак сўраб Қарши туман ҳокимлигига борган, бироқ унга ёрдам берилмаган ва масъулларга ишончи сўниб, эндиликда ҳеч қайси раҳбар кўмагидан умид қилмаяпти.

Фарзандим туғилган пайтда хотин-қизлар қўмитасига ҳам, МФЙ раисига ҳам мурожаат қилиб, нафақа сўраганман. Ўша пайтда ҳар хил баҳоналар билан ёрдам беришмагани учун умуман раҳбарлар олдига бормай қўйганман. Шу пайтга қадар туман ҳокими ёки вилоят ҳокими қабулига бормаганман”, — дейди Сурайё Нормуродова.

Таъкидлаш лозим, аёл фарзанди билан тўртинчи куни ҳам кўчада тунаб қолаётганидан хабар топган Қарши шаҳар ҳокимлиги масъуллари воқеа жойига етиб келиб, аёлдан ҳол-аҳвол сўради.

Саховатпеша фуқаролардан бири эса аёлнинг муаммоси ҳал бўлгунга қадар олти кунлик меҳмонхона харажатларини тўлаб, аёл ва боласи учун яшаш имкониятини қилиб берди. Ораста Тошева бошчилигидаги шаҳар ҳокимлиги масъуллари эса аёлга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб борган.

Бугун Яккабоғ тумани ҳокимлигининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъули Замира опа билан суҳбатлашиб, аёлнинг 7 нафар ака-укаси борлигини аниқладик. Замира опа билан биргалашиб, аёлнинг ака-укалари билан гаплашмоқчимиз.

Ва бу муаммони, албатта, ижобий ҳал этамиз. Аёл ва унинг фарзанди тақдири эътиборимиз марказида бўлади”, — дейди вилоят ИИБнинг хотин-қизлар масалалари бўйича масъули, подполковник Ҳидоят Тўраева.