Франция президенти Эммануэль Макрон 22 сентябрь, чоршанба куни АҚШ раҳбари Жо Байден билан суҳбат ўтказади. Бу ҳақда  BFMTV Франция Вазирлар Маҳкамаси вакили Габриел Атталга асосланиб хабар бермоқда.

Унинг таъкидлашича, суҳбат давомида томонлар Австралиянинг сув ости кемалари ҳақидаги қарори қандай қабул қилинганига ойдинлик киритишади.

Франция ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашиши Австралия Буюк Британия ва АҚШ билан AUKUS мудофаа ва хавфсизлик соҳасида шерикликка киришгани ва Франциянинг Naval Group компанияси билан сув ости кемалари келишувидан чиқишини эълон қилганидан кейин юз берди.

17 сентябрда Франция AUKUS альянсининг тузилиши муносабати билан АҚШ ва Австралия Париждаги элчиларини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан шартномани бекор қилиш қарорини, “орқадан  пичоқ уриш” деб атади.