Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бугун, 21 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига сайловчилар билан учрашиш мақсадида ташриф буюрди.

Қорақалпоғистондаги муҳбиримиз Ойбек Юсуповга кўра, даставвал, президент Нукус шаҳрида жойлашган «Шорша баба» қабристонига бориб, кўп йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси бошлиғи лавозимида ишлаган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бошлиғининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони марҳум Муса Эрниязовнинг мақбарасини зиёрат қилди ҳамда Қуръон тиловат ўқиди.

Зиёрат давомида марҳумнинг оила-аъзолари билан ҳам учрашиб, улар билан биргаликда Муса Эрниязовни хотирланди. Унинг Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон учун қилган меҳнатлари эътироф этилди.

Ундан сўнг Президент кортежи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси бошлиғи Мурад Камалов билан биргаликда Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманига йўл олди.

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Бўзатов аҳолиси билан очиқ мулоқот қилиб турибди. Хонадонлардан бирига ташриф буюрди ҳамда ОАВ вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.