Қашқадарё вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда “Ҳурматли халқ таълим вазири Шерзод Шерматов биз томонга бир боқиб қўйинг. Юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларингиз кўзни қувонтиради! Лекин Яккабоғда сизни ислоҳотларингиз етиб келгани йўқ!” сарлавҳаси остида тарқалган видеоёзув юзасидан ўрганиш олиб борди.

Маълум бўлишича, Яккабоғ тумани, “Қайроғоч” МФЙда жойлашган 39-сонли умумтаълим мактаб биноси 420 ўқувчи ўринга мўлжалланган бўлиб, 1974 йилда қурилган.

Мактаб биносини таъмирлаш учун 2021 йилда 3 млрд. 102 млн. 400 минг сўм ажратилган, қурилиш-таъмирлаш ишлари “Авангард гидро-экспресс” МЧЖ томонидан олиб борилиб,  2021 йил 10 сентябрь куни якунланган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб биносига қурилиш ишлари якунида 27 та синфхона учун 405 та парта, директор, унинг ўринбосари хоналарига 1 тўпламдан ҳамда ўқитувчилар хонасига 2 тўпламдан зарурий жиҳозлар етказиб берилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари якуни бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани сабабли, 8 сентябрьга қадар жиҳозлар етказиб берилмаган. Шу сабабли, мактаб маъмурияти томонидан эски жиҳозлардан фойдаланилиб, ўқув йили бошланган.

Ўрганишда умумтаълим мактабига барча зарурий жиҳозлар етказиб берилиши таъминланди. Ўқитувчилар Н.С ва О.Сларнинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида юзага келган келишмовчилиги сабабли, ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўла туриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5 “а”-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтилган.

Ўқитувчилар Н.С ва О.С.лар таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишга уринганлари учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилди.

Шунингдек, текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.ларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди”, – дейилади хабарда.