Жиззах шаҳрида 20 ёшли қизни “Spark”’да ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, жорий йил 7 сентябрь куни Жиззах шаҳар “Жиззахлик” маҳаласида истиқомат қилувчи фуқаро шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, шу куни шаҳарнинг “Заргарлик” маҳалласи ҳудудида 2001 йилда туғилган қизни ўзига олдиндан таниш бўлмаган шахс зўрлик ишлатиб “Spark”да олиб қочиб кетгани ҳақида хабар берган ва ушбу шахсни топиб, унга қонуний чора кўрилишини сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи йигит қўлга олинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аниқланишича, у аввал безорилик жиноятларини содир этиб, ўз қилмишлари учун жазоланган бўлган. Айни пайтда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда 6 ёшли қизни ўғирлаб, уни зўрламоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.