Geo.tv телеканали хабарига кўра, Покистон ҳукумати Афғонистонга 278 тонна озиқ-овқат билан 17 та юк машинасини юборган. Озиқ-овқат юк машиналари Афғонистонга “Торхам” чегара пункти орқали етиб келган. Улар 190 тонна ун, 65 тонна шакар, ўсимлик ёғи, гуруч ва дуккакли экинларни этказиб беришган.

Озиқ-овқат ёрдамини топшириш маросимида сўзлаган Афғонистон-Покистон ҳамкорлик форуми раиси Ҳабибуллоҳ Хон Хаттакнинг таъкидлашича, Афғонистондаги 40 йиллик уруш мамлакат иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги ва маъмурий инфратузилмасини вайрон қилган, аҳоли хавф остида қолган.

“Афғонистон гуманитар инқирозга юз тутмоқда ва унинг олдини олиш учун зудлик билан ва самарали чоралар кўрилмаса, вазият гуманитар ҳалокатга олиб келиши мумкин”, – дейди у.

“Биз Афғонистон халқига нафақат озиқ-овқат, дори-дармон ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари кўринишидаги зудлик билан гуманитар ёрдам кўрсатишга, балки уларнинг оёққа туриб, ўз ватанини тинч, барқарор ва жаҳон ҳамжамиятининг масъулиятли аъзоси бўлишида ёрдам беришга интиламиз”, – дея қўшимча қилди Форум раҳбари.

Унинг қайд этишича, ташкилот илгари Имронхоннинг қарори билан Афғонистонга ўнлаб тонна ун, бошқа озиқ-овқат ва дори-дармон жўнатган.