Кеча, 18 сентябрь куни Экопаркда Экополиция ходимлари учун униформа ва хизмат машиналари тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Газета.uz” интернет-сайти хабар бермоқда.

Экологик назорат гуруҳлари таркибига шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, пост-патрул хизмати ва Давлат экология қўмитаси ходимлари киради.

Унинг вазифаси экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан, ноқонуний дарахт кесиш, браконьерлик, чиқиндиларни ноқонуний ташлаб кетишнинг олдини олишдан иборат.

Тошкент ИИББ маълумотларига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳали қайта ишлаш ва тасдиқлаш босқичида.

Назорат гуруҳлари Ўзбекистондаги экологик вазиятга бағишланган видеоселектор йиғилишидан бир кун ўтиб шакллантирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари тизимида Экологик полиция ташкил этилганлигини эълон қилган эди.