Африканинг ғарбий соҳилидаги Гвинея давлатида 5 сентябрь куни ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтди ва давлат раҳбари қамоққа олинди.

Президент Альфа Конде мамлакат тарихидаги ҳокимиятни демократик ваъдалар билан қўлга олган, бироқ шундан сўнг конституцияга чек қўйган ягона давлат бошлиғи эди. Тўнтаришни бутун дунё ҳамжамияти қоралади, бироқ Гвинеянинг ичида ҳарбийлар ҳаракатини сиёсий мухолифат ҳам, мамлакатнинг минглаб аҳолиси ҳам бирдек қўллаб-қувватламоқда.

Бу охирги 40 йил ичида Гвинеядаги учинчи ҳарбий тўнтариш ҳисобланади. Аввалги иккитаси авторитар президентлар вафотидан кейин содир этилган.

Гвинея давлатчилиги тарихига бир назар

Гвинея 1958 йилда Франциядан мустақилликка эришган. Унинг биринчи президенти, озодлик ҳаракати етакчиси Аҳмад Секу Туре мамлакатни 26 йил — 1984 йилдаги вафотига қадар бошқарган. Кейинчалик давлат тўнтариши воситасида ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олган. Сўнг уларнинг етакчиси Лансана Конте ўзини янги давлат раҳбари деб эълон қилган.

Таъкидлаш лозимки, у 1990 йилларда либерал ислоҳотларни бошлаган, натижада мамлакатда ҳақиқий мухолифат пайдо бўлиб, икки марта президент сайловлари ўтказилган. Шундан сўнг унинг бошқарув услуби мутлақо авторитар тусга киргани ҳолда, сиёсий мухолифат таъқиб этилган. 2001 йил, президентлигининг иккинчи муддати тугаши арафасида, Конте конституцияга ўзгартириш киритади. Унга кўра, президент учинчи марта сайланишига рухсат берилган эди. Шундай қилиб, Конте Гвинеяни вафотига қадар — 2018 йилгача бошқаради.

Ўлимидан сўнг, ҳарбийлар яна ҳокимиятни қўлга олган, лекин норозиликлар ҳукуматнинг ҳарбийлар қўлидан ҳам чиқиб кетишига асос бўлган. Хунта раҳбари Гвинеяни тарк этганидан кейингина 2010 йил мамлакатда биринчи марта чинакам эркин сайловлар ўтказилди. Ғалабани 1990 йиллардаги Контенинг асосий рақиби, кейинчалик эса сиёсий маҳбус саналган Альфа Конде қўлга киритди.

Конде мамлакатда демократик ўзгаришларни амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашни ваъда қилди. (2000 йил ўрталарига келиб, Гвинея коррупция индексида охирги ўринни эгаллаган) Лекин у ҳам ўзидан аввалгилар сингари аввал бошданоқ авторитар ҳокимият қуриш билан шуғулланган. Масалан, у президентлик сайловидан кўп ўтмай, дарҳол ўтказилиши керак бўлган парламент сайловларини номаълум муддатга қолдирди.

Сайлов уч йилдан сўнг ўтказилди. Мухолифат ҳокимиятни йирик миқдордаги сохталаштиришда айблади. 2016 йилда Конде коррупцион зиддият марказида эди. Чунки ўша йили унинг ёрдамчиси катта темир конини ўзлаштириб бериш эвазига француз компаниясидан 10 миллион доллар олганликда айбланди.

2019 йилда, президентлигининг иккинчи муддати тугашидан бир йил олдин, Конде президентлик муддатини бекор қилишга имкон берадиган янги конституциявий ислоҳотни эълон қилди. Референдумдан олдин ва кейин ўтказилган оммавий норозиликлар шафқатсизлик билан бостирилди ҳамда 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

2020 йил октябрь ойида 83 ёшли Конде учинчи марта кенг тарқалган фирибгарликда айбланиб, сайловда ғалаба қозонди. Сўнг ғалабанинг қонунийлигига шубҳа билан қараганларга нисбатан репрессияларни бошлади.

Конденинг учинчи муддатга сайланиши ва қашшоқ Гвинеядаги сиёсий инқироз билан бир вақтда иқтисодий муаммолар янада кўпайиб кетди.

COVID пандемияси ва бюджет тақчиллиги туфайли расмийлар солиқларнинг ошиши, полиция ва ҳарбий харажатларни камайтириш, шунингдек, бензин нархининг ошиши ҳақида эълон қилди. 2020 йилда Россия ва Канададаги буғдой йиғим-теримининг камайгани туфайли Гвинеяда нон нархи кескин ошди, бу эса камбағалларнинг жиддий норозилигига олиб келди.

Ҳарбийлар давлат тўнтариши ўтказди, парламент ва ҳукуматнинг тарқатилишини эълон қилди. Мухолифат хунтани қўллаб-қувватлади

Махсус кучлар элита отряди қўмондони, полковник Мамади Думбуя бошчилигида 5 сентябрь куни давлат тўнтариши содир этилди. Мамлакат пойтахти марказида, президент саройи яқинида отишма бир неча соат давом этди, бироқ қурбонлар ҳақида расман хабар берилмади. Президент ҳибсга олинди.

Шу заҳотиёқ, Думбуя телевидение орқали халққа мурожаат қилиб, президентни лавозимидан четлатилиши, конституция тўхтатилиши, парламент ва ҳукумат тарқатиб юборилиши, шунингдек, ҳокимият вақтинча янги тузилган “Миллий бирлашиш ва тараққиёт” қўмитасига ўтказилишини эълон қилди. У ваколатлар янги фуқаролик ҳукуматига ўтгунга қадар қўмита мамлакатни бошқаришини маълум қилди.

Думбуя қўзғолончиларнинг ҳаракатини Гвинея коррупция ва қашшоқликдан қутқарилиши кераклиги билан изоҳлади. Ҳарбийлар мамлакатда комендантлик соати эълон қилди ва ташқи чегараларини вақтинча ёпди (эртаси куни улар қисман очилди). Кейинчалик, янги ҳокимият сиёсий маҳбусларни озод қилиш тўғрисида фармон чиқарди ва пойтахт Конакрида ҳукуматга қарши намойишларга қарши курашиш учун ўрнатилган тўсиқларни демонтаж қилишни буюрди.

Умумий Гвинея аҳолиси тўнтаришга ижобий муносабат билдирди — минглаб одамлар Конденинг ағдарилишини нишонлаш учун кўчаларга чиқди. Эртаси куни 18 та мухолифатчи партия қўшма баёнот чиқариб, унда армиянинг конституциявий ўзгаришларга содиқлигини қўллаб-қувватлади. Тўнтаришдан икки кун ўтгач, 2020 йилги сайловларда Конденинг асосий рақиби Селу Диалло армияни қўллаб-қувватлашини билдирди.

(Манба: burchakostida)