Президентлар Макрон ва Байден Австралиянинг сув ости кемалари ҳақидаги келишуви бузилгани ҳақида музокара олиб боришади. Бу ҳақда “РИА Новости” нашри хабар берди.

Хабарга кўра, АҚШ президенти Жо Байден Франция президенти Эммануэл Макронга Канберра “Naval Group” компанияси билан сув ости кемаси шартномасини бузганидан кейин телефон қўнғироқларини ўтказишни таклиф қилди, деди Франция ҳукумати вакили Габриел Аттал. “Телефон суҳбати яқин кунларда бўлиб ўтади”, деган у “BFMTV” телеканалининг эфирида.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, АҚШ президенти Жо Байден ва Австралия бош вазири Скот Моррисон шу ҳафта “AUKUS”нинг мудофаа ва хавфсизлик бўйича янги ҳамкорлигини эълон қилишди. Биринчи ташаббус Австралия денгиз флоти учун ядровий сув ости кемаларини яратиш бўлади – бунинг учун Канберра деярли 66 миллиард долларга ядровий бўлмаган сув ости кемаларини сотиб олиш бўйича Франция билан келишувдан воз кечди.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Австралиянинг қарорини “орқадан урилган пичоқ” деб атади ва унинг “ғазабланганини” таъкидлади. Жума куни Франция тарихда биринчи марта АҚШ ва Австралиядаги элчиларини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди.

Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эмили Хорн АҚШ маъмурияти Франция ҳукумати билан яқин алоқада эканлигини ва келгуси кунларни келишмовчиликларни ҳал қилишга бағишлаш ниятида эканлигини таъкидлади.