“Толибон” ҳаракати янги бошқарув тизимини ўрнатди ва қонун ҳужжатларида илгари мустаҳкамланган учта тил ўрнига иккита расмий тилни қолдирди ва ўзбек тилини расмий мақомдан чиқариб ташлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

“Асослар” деб номланган қонун Афғонистоннинг расмий дини – Ҳанафий мазҳабининг сунний исломини, шунингдек, унинг расмий тиллари – пашто ва дорийни кўрсатди.

Аввалроқ, Афғонистонда улар билан бир қаторда ўзбек тили расмий мақомга эга бўлиб, бу тилда шимолий вилоятларнинг аҳолиси гаплашар эди. Қолаверса, мамлакатда асосан ҳазоралардан ташкил топган катта шиа жамоаси бор.

Ҳужжатга кўра, Афғонистонда ислом ҳуқуқшунослари кенгаши ва олий кенгаш тузилади, унинг таркибига ҳар бир вилоятдан сиёсатчилар, олимлар ва руҳонийлар киради.

Ижроия ҳокимият бошлиғи – президент, уни фуқаролар ва олий кенгаш аъзолари сайлайди. Сайловнинг очиқлигини таъминлаш учун сайлов комиссияси тузилади.

Агар олдинги ҳукумат даврида Афғонистон Миллий Ассамблеяси вакиллари депутатлик дахлсизлигидан фойдаланган бўлса, янги ҳукумат даврида улар ундан маҳрум этилган, дейилади қонунда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда ўзбек тили расмий мақомдан чиқарилмаганлиги ҳақида айтганди.

Шунингдек, 14 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра ун, ёғ, гўшт, гуруч ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, тиббий буюмлар ва болалар трикотаж маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами 25 та вагондан иборат эзгулик поездида Афғонистон Ислом Амирлигига етказиб берилганди.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.