Қашқадарё вилояти Қарши туманида 3 нафар фуқаро ППХ ходимларига қаршилик кўрсатиб, уларга қўл кўтарди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2021 йил 16 сентябрь куни соат 23:00 ларда 31 ёшли Н.А. ҳамда унинг шериклари 26 ёшли  Н.А. ва 34 ёшли Х.А.лар Қарши шаҳрида хизмат вазифасини бажараётган Патруль-пост хизмати ходимларига маст ҳолатда бўла туриб, уларга қўл кўтарган.

Ушбу уч нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (Майда безорилик) ва 194 (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддалари ҳамда ЖКнинг 219-моддаси  (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда ҳуқуқбузарлар процессуал тартибда қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида 23 ёшли йигит Миллий гвардия ходимига қўл кўтарганди.