Суперлиганинг 18-турида “Пахтакор” ҳамда “Навбаҳор” учрашувида наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян регламентга кўра ўзининг техник зонасида талабларни бузганлиги учун ЎзПФЛ томонидан жазоланадиган бўлди.

“Навбаҳор” футбол клуби бош мураббийи маслаҳатчиси Самвел Бабаян Суперлиганинг 17-тури доирасидаги “Навбаҳор” — АГМК футбол клублари ўртасидаги учрашув давомида “2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 18.20-бандини бузганлиги учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси 2021 йил 10 сентябрь кунги 17-сонли қарори билан мутахассисга нисбатан жарима интизом чорасини қўллаган эди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Навбаҳор” мутахассиси Самвел Бабаяннинг Суперлига 19-туридан ўрин олган “Турон” – “Навбаҳор” ўйини вақтида техник зонада ҳаракатланишига нисбатан чеклов қўяди ва унинг лицензиясини 1 та тур учун бекор қилади.

Шунингдек, Самвел Бабаянга нисбатан белгиланган жарима тўлови тўлиқ тўлаб берилмагунига қадар, у ЎзПФЛ байроғи остида ўтадиган мусобақаларда техник зонага киритилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Металлург” бош мураббийи Жасур Абдураимов Регламент талабларини икки маротаба бузгани учун шундай жазога лойиқ кўрилганди.