Жорий йилнинг 15 сентябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 10 нафар «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақида ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси хабар берди.

Ушбу аниқланган «таҳрирчилар»нинг барчаси муқаддам мазкур ташкилот сафида содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб чиққан шахслар ҳисобланадилар. Улар Интернет тармоғи орқали хорижда яшириниб келаётган «Хизб ут-Таҳрир» ДEТ аъзолари билан алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва тарафдорлари сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келганлар.

Мазкур шахсларнинг яшаш манзиллари ва уяли алоқа воситаларида «Хизб ут-Таҳрир» ДEТга тегишли бўлган адабиётлар ва материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида, тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

«Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти сафида фаолият олиб бориш, ғояларини қўллаб-қувватлаш, материалларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.