Афғонистон пойтахти Кобул туманларидан бирига бир нечта ракета тушган. Бу ҳақда Tolo News хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳодиса Кобулдаги электр станцияси яқинида содир бўлган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ушбу ракеталар станцияга тушган бўлиши мумкин.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Афғонистонда “Толибон” ҳаракати тузган муваққат ҳукуматнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Айнан ушбу йиғилишда агентликларга Афғонистон ҳудудларида, хусусан, Кобулда хавфсизлик назоратини кучайтириш топширилганди.

“Толибон”, шунингдек, мамлакатдаги иқтисодий вазиятнинг янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун имкон қадар тезроқ чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.