Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди. Унда 2020-2021 йилнинг биринчи чорагида 9,6 миллиондан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тиклангани ва уларга етказилган 184,9 миллиард сўм зарарни қоплаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилингани айтиб ўтилди, дея юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи ярмида истеъмолчилардан келган 37 036 та мурожаат кўриб чиқилган. Шунингдек, 9,6 мдан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланган ва уларга етказилган 184,9 миллиард сўм зарарни қоплаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган. Унинг 133,0 миллиард сўми эса бугунги кунда қоплаб берилган.

Назорат тадбирлари доирасида 143 номдаги маҳсулотнинг назорат хариди амалга оширилиб, ўтказилган экспертиза натижасида 35 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги аниқланган. “Ўзстандарт” агентлиги (ваколатли орган) томонидан 10 та маҳсулотга берилган мувофиқлик сертификати бекор қилинган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини аниқлаш ва баҳолаб бориш мақсадида 5 та соҳада (транспорт, савдо, алоқа, тиббий, қурилиш) 19,5 минг нафар аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилиб, билдирилган фикр ва таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилган.

Рекламаларнинг жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами 34 190 та мониторинг ўтказилган ва 16 948 та ҳолатда камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши бўйича 408 та субъектга нисбатан иш қўзғатилиб, қонун бузилиши ҳолатларини тугатиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан 368 та кўрсатма берилган, 55 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган.

Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида амалдаги 107 та ҳужжат хатловдан ўтказилиб, вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 147 та ҳужжат лойиҳасининг истеъмолчиларга таъсири баҳоланиб, тегишли хулоса ва таклифлар берилган.

Агентлик томонидан 14 та қонунчилик ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 3 таси қабул қилинган ва 2 та қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Аҳолининг истеъмолчилик ва ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида ОАВда турли мавзуларда 6 мингга яқин материал ва ҳуқуқий ахборот жойлаштирилган. 600 га яқин тадбир ташкил этилган.

Шу билан бирга, Агентлик томонидан Қонун билан белгиланган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат идоралари ҳамда ҳудудий тузилмалар фаолияти тўлақонли мувофиқлаштирилмаган.

Инсон ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфли ва сифатсиз бўлган маҳсулотлар, шунингдек уларнинг ишлаб чиқарувчиси (ижрочиси) тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчиларга тезкор ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда етказиб бориш тизимида ҳал этилмаган масалалар бор.

Ҳудудий тузилмаларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг мурожаатлари ва муаммоларини қабул қилишни ташкил этиш ишларида камчиликлар мавжуд.

Жумладан, Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳарида ишонч телефонларидан фойдаланиш талаб даражасида ташкил этилмаган. Мазкур камчиликлар ўрганиш жараёнида бартараф этилган.