Америка Қўшма Штатларининг собиқ президенти Доналд Трамп Хитойда ҳарбий ҳаракатни режалаштираётгани ҳақида илгари эълон қилинган ОАВ хабарларини рад этди. Бу ҳақда “РИА Новости” нашри хабар берди.|

Маълум қилинишича, аввалроқ, “Washington Post” газетасида таниқли журналист Боб Вудвортнинг янги китобидан парчалар чоп этилган. Китобда Трамп президентлигининг сўнгги ойларида АҚШ штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Марк Миллий хитойлик ҳамкасбини икки марта чақириб, Пекиннинг америкаликларнинг кутилмаган зарбаси эҳтимоли ҳақидаги қўрқувини юмшатгани айтиб ўтилган.

“Newsmax” телеканали эфирида собиқ давлат раҳбари бу гапларни “кулгили” деб атади.

“Мен ҳеч қачон Хитойга ҳужум қилмоқчи бўлмаганман”, — деди Трамп.

Трамп бундай баёнотлар билан америкалик юқори мартабали ҳарбийлар АҚШ қўшинларининг Афғонистондан мақсадсиз олиб чиқиб кетилгани тўғрисидаги муносабатдан қочишга уринаётган бўлиши мумкинлигини айтди.

“Менинг Хитойга ҳужум қилмоқчи бўлганим ҳақида айтиш мен эшитган энг кулгили гапдир ва шундайлигини ҳамма билади”, деди АҚШ собиқ президенти.

Вудворднинг “Washington Post” газетаси мухбири Роберт Коста билан биргаликда ёзилган ‘Таҳдид' китоби 2020 йилги президентлик сайловлари, Капитолий бўрони ва Жо Байденнинг инаугурациясини (давлат бошлиғининг шу олий лавозимини бажаришга киришиши муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросим) қамраб олади.

Улар 200 дан ортиқ манбалардан интервью олганлар, улар орасида АҚШнинг собиқ ёки ҳозирги президентлари йўқ. Оқ уй эса 14 сентябрь, сешанба куни китобдаги парчалар ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.