Наманганда  судга таъсир ўтказишга уринган, ўзини блогер сифатида таништирган Ш. Ю.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати хабар тарқатди.

Аниқланишича, Ш.Ю. жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди иш юритувидаги Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва бошқа моддалари билан айбланаётган К. Т.га оид жиноят иши бўйича енгилроқ жазо тайинланишига эришиш мақсадида судья қабулига кириб, ҳали мазмунан кўриб чиқилмаган иш бўйича интервью бериш талабини қўяди.

Бунга жавобан судья  қачон ва қай тартибда интервью беришига оид қонун нормаларини тушунтириб, ёзма мурожаат этишини сўраганда Ш.Ю. ҳеч қандай изоҳсиз чиқиб кетади.

Шундан сўнг Ш. Ю. судланувчининг онаси билан телефон орқали боғланиб, гўёки судьяни  “духи”га ўтқазгани, ўғлини жарима жазоси билан суд залидан олиб чиқиб кетиши мумкинлигини, бунинг учун биргаликда иккита видеоролик тайёрлаш кераклигини айтади.

Видеороликнинг бири “судьяга раҳмат, адолатли экан”, иккинчиси “суд ўғлимни қамаб юборяпти, айбсиз эди, ўзимни ёқиб юбораман” мазмунида бўлиши кераклиги, агар судья жарима жазо тайинлашга рози бўлмаса, иккинчи видеороликни интернет тармоғида тарқатиб юборишини билдиради.  Бунинг эвазига судланувчининг онасидан 500 АҚШ доллари талаб қилади.

Олиб борилган терговга қадар текшириш натижасида Ш. Ю.га нисбатан  туҳмат   (ЖК 139-модда) ва фирибгарликка (ЖК 168-модда) қасд қилиш, шунингдек, суд ишларига аралашиш, яъни адолатсиз ҳукм чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш (ЖК 236-модда) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.