Ижтимоий тармоқларда “Вилоят ҳокими қабулидан норозиман” сарлавҳаси остида тарқалган хабар  юзасидан Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирилди.

Қайд  этилишича, “Навоий вилояти ҳокими фуқароларни 3-4 ойдан буён қабул қилмаяпти”, – деган мурожаат Кармана туманида яшовчи фуқаро А.Файзиев томонидан йўлланган.

Ваҳоланки, А.Файзиев вилоят ҳокими фуқаролар қабулхонасига илк маротаба ётоқхонадан жой ажратиш муаммоси билан мурожаат қилгани аниқланган.

Кузатув камераларидаги ёзувлар ўрганилганида фуқаро А.Файзиев 14 сентябрь куни соат 10:44 да ҳокимият биносига киргани, ўша пайтда қабулхонада яна бир нечта фуқаролар бўлгани, соат 11:13 да навбати келиши билан ўз мурожаатига ечим топиш учун қабулга киргани ва муқаддам ҳуқуқбузарлик қилганлиги сабаб жазони ўташ муассасасидан чиққанлиги, айни пайтда эса ётоқхонадан жой сўрагани акс этган.

А.Файзиевга мурожаати юзасидан шаҳар ҳокимлигига ариза бериши лозимлиги айтилганда, у шаҳар ҳокимлигига бормаслиги ва вилоят ҳокими уни қабул қилиши шартлигини айтган. Шунга қарамасдан фуқаронинг мурожаати ёзиб олинган ва ижроси қонуний тартибда ижро учун назоратга олинган.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ёлғон маълумот ва туҳмат учун жавобгарлик мавжудлиги эслатиб ўтилган хабарда.