Навоий вилояти Конимех тумани, Шўртепа қишлоғи аҳолиси бугун мотамда. Тумандаги Нуримбетовлар ва Мухайминовлар хонадони оғир жудоликка учради.

2021 йилнинг 13-сентябр куни Конимех тумани бош отинойиси Нуримбетова (Мухайминова) Жамила Қуддусовна бевақт оламдан кўз юмди.

Мухайминова Жамила Қуддусовна 1955 йил 20-август куни Жиззах вилояти Зомин тумани Қайирма маҳалласи Самарқанд кўчаси 5-хонадонда зиёлилар оиласида таваллуд топган.

У 1962 йили Зомин тумани Абдулло Қаххор номли 60-сонли мактабни, 1973 йил Фарғона давлат педагогика институтининг химия биология факультетини аъло бахоларга тугатиб, 1977 йилдан 2004 йилгача Навоий вилояти Конимех тумани 2-сонли мактабнинг химия биология фани ўқитувчи сифатида билимларини миллатимиз таянчи бўлмиш ўқувчиларга улашиб келди.

Шунингдек 2004 йилдан 2009 йилгача Конимех туманидаги касб хунар коллежида химия биология фани ўқитувчиси сифатида фаолиятини давом эттирган. Мазкур йилнинг сентябр ойидан Конимех тумани 2-сонли мактабнинг химия биология фанларидан дарс бериб келган.

Жамила опа 2015 йилдан бошлаб Навоий вилояти Конимех тумани мусулмонлар идорасида бош отинойи лавозимида иш олиб бориб, шу кунга қадар аёлларга диний сохада, Ислом дини қадриятлари ҳақида билим бериб келган.

Жамила опанинг ҳаёти давомида жамиятнинг равнақи учун қўшган улкан хиссаси ҳукумат томонидан юксак бахоланиб, 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан кўкрак нишони билан, 2020 йилнинг март ойида “Азиз ва Мўътабор аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

“Жамила опа ўзининг ҳаёти давомида кўплаб шогирдлар тайёрлаган. У кишининг шогирдлари орасида жамиятнинг энг фаол қатламида фаолият юритаётган мутахассисларни истаганча топиш мумкин.

Шўртепа Фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла аҳли номидан Нуримбетовлар ва Мухайминовлар оила аьзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Жамила опамизнинг жойлари жаннатда бўлсин. Бу дунёда қилган солих амаллари соябон,охиратлари обод бўлсин”, – дейилади хабарда.