Тошкент шаҳрида 11-14 сентябрь кунлари малакали журналист ва тренерлар иштирокида “Коррупция ва фактларни текшириш” мавзусида халқаро тренинг ўтказилди. Бу ҳақда унда иштирок этган “EFFECT.UZ” журналистлари Даврон Ҳасанов ва Моҳинисохон Ахатова хабар қилди.

Фото: Беруний Алимов томонидан олинган

Тренерлар Олег Хоменок (медиа-тренер ва маслаҳатчи. Internews Network ташкилотининг етакчи медиа консультанти. Global Investigative Journalists Network директорлар кенгаши аъзоси. Фактларни текшириш (Fact-Checking Network) тармоғи эксперти) ва Навбахор Имамова (“Америка Овози” етакчи мультимедиа журналисти. Продюсер, мухбир ва муҳаррир) ўкув сессиялари давомида, амалий машғулотлар ва экспертлар билан мунозара ва маърузалар олиб борилди. Машғулотларда фаол қатнашиб борган иштирокчилар ҳар бир сессия учун алоҳида рағбатлантирилди. Тренинг давомида асосий эътибор журналистлар этикаси, бизнес атамалар, иқтисодий кўрсаткичлар ва ишончли ахборот манбалари ҳақидаги билимни ошириб, молиявий маълумотларни ва рақамлар ортида турган масалаларни (журналистларга ҳар қандай молиявий қинғирликни аниқлаш йўллари ўқитилди) таҳлил қилиш учун зарур кўникмаларга қаратилди.

Фото: Олег Хоменок/ сурат Беруний Алимов томонидан олинган
Фото: Навбахор Имамова/ сурат Беруний Алимов томонидан олинган

Дарсларда манипуляция қилинган ёки фейк ахборотни аниқлаш, фактлар ва матнларни, шунингдек, фото ва видеоларни текшириш (қаерда ва қачон олинган фото ва видео экани ҳамда илк чиқарилган манбасини аниқлаш кўникмалари берилди), журналистик суриштирув олиб бориш ҳамда манбалар ва гувоҳларни ҳимоя қилиш бўйича маҳорат дарслари ўтилди. Илк сессияда қатнашчилар коррупцияга қарши курашиш агентлигининг директори Акмал Бурҳонов билан журналистик суриштирувга оид масалалар бўйича мулоқот олиб боришди.

“Тренинг иштирокчиларининг ярми хотин-қизлардан иборат. Бу айни кунда аёл тадбиркорлар сони ошиб бораётган Ўзбекистон учун жуда муҳим. Хотин-қизлар бошқараётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ёритиш, уларнинг иқтисодиётга кўшаётган улуши ҳақида оммани хабардор қилиш, шунингдек, бизнес имкониятлар тўғрисида маълумот бериб, тадбиркор аёллар дуч келаётган муаммолар ҳақида ёзиш журналистларнинг бурчи ҳисобланади. Аксарият ҳолатларда айнан аёл журналистлар тадбиркор хотин-қизларни матбуотга олиб чиқади”, дея фикр билдирди ташкилотчи муассасалардан бирининг вакили АҚШ Глобал медиа агентлигининг Тараққиёт ва таълим лойихалари раҳбари Инна Дубинский.

У, шунингдек, журналистлар доимо холис бўлиши кераклигини, улар халқ қиёфасини шакллантирувчи манба эканликларини айтди.

Бундан ташқари, иштирокчилар учун Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов билан матбуот анжумани ҳам ташкил этилди (якшанба куни, 13 сентябрда). Унда Ўзбекистон журналистлари яқин йилларда қурилиши режа қилинган “Nurafshon City” лойиҳаси билан танишишди ҳамда ҳокимга тренинг мавзуси доирасида кескин саволлар билан мурожаат қилишди. Ҳоким ҳамиша матбуот ходимлари саволлари учун очиқ эканини таъкидлади.

Шулар билан бир қаторда, қатнашчилар АҚШдаги Poynter институтининг Халқаро Фактларини Текшириш Тармоғи билан танишди. Бу йўналишда етакчи мутахассис Ферди Озсой билан мулоқотда ва бошқа амалий машғулотларда турли ОАВ вакиллари фактларни маҳаллий равишда ва глобал миқёсда тасдиқлаш сирларини ўрганди.

Тренингнинг сўнггида эса, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблум билан тўғридан-тўғри суҳбат ташкил этилди. Суҳбат давомида у Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Маълумот ўрнида, АҚШ Глобал медиа агентлигининг 2020 йил декабрь — 2021 йил июнь ойларида Тошкент ва Фарғонада ўтган тренингларида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан қатнашган 85 нафар журналист шу йилнинг август ойига қадар бизнес, иқтисодиёт ва молия мавзусига оид 90 дан зиёд материал чиқарган. Қарийб 50 нафар иштирокчи бу йўналишлардаги лойиҳалари учун молиявий тақдирланган. Улар тайёрлаган сара материаллар, жумладан, Тошкентда июль ойида бўлиб ўтадиган минтақавий ҳамкорлик анжумани хақидаги мақола ва лавҳалар “Америка Овози” томонидан хам тарқатилган.

“EFFECT.UZ” жамоаси ташкил қилинган мазкур семинар-тренинг ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдиради.  Барча қатнашчиларнинг келгуси фаолиятида омад тилаб қолади.