Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги президент сайловларини кузатишга 250 нафар кузатувчини юборади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссия матбуот хизмати хабар берди.

15 сентябр куни Марказий сайлов комиссиясида ўтказилаётган учрашувда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мерфи маълум қилди.

“ЕХҲТ бюросининг асосий гуруҳи, яьни 11 нафар кузатувчи кеча, 14 сентябрда Ўзбекистонга етиб келди, кейинги ҳафта яна 28 нафар узоқ муддатли кузатучи етиб келиши кутилмоқда. Ушбу кузатувчилар Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб барча сайлов жараёнларини кузатиб боради.

Шунингдек, сайловдан бир-икки кун олдин 250 нафар кузатувчиимиз Ўзбекистонга келади. Тахминан уч ҳафтадан кейин биз биринчи ҳисоботимизни эьлон қиламиз. Унда қилинаётган ишлар ҳақидаги аниқ маьлумотларимизни берамиз“, – деди Оуэн Мерфи.

Учрашув давомида Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорлик самарали ривожланиб бораётгани ва ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлаб, халқаро кузатувчиларга жорий йил бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.

Миссия вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг сайловларни демократик асосларда ташкил этишдаги роли билан таништирилди.

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг сайловларни кузатиш борасидаги бир қатор тавсияларини амалга оширди. Бугунги кунга келиб ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан 2019 йилги ҳисоботида тақдим этилган 32 тавсиянинг 18 таси тўла қабул қилинди, 3 таси қисман қабул қилинди, 8 таси кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Бюронинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга узоқ муддатли кузатувчилар, шунингдек овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган қисқа муддатли кузатувчилар киритилган.

Ўзбекистонга келиши режалаштирилган узоқ муддатли кузатувчиларнинг фаолияти ДИИҲБга минтақалардаги кузатув натижаларини инобатга олган ҳолда сайлов жараёни ҳақида тўлалигича ҳисобот тузиш имконини беради.

Қисқа муддатли кузатувчиларнинг вазифалари уларга бириктирилган ҳудудда сайлов куни кузатувни амалга ошириш, шунингдек ўз хулосалари ҳақида аниқ ва тўлалигича миссиянинг бош қароргоҳига хабар беришдан иборатдир.