Наманган шаҳрида “ВАЗ-21011” автомашинаси йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган 3-синф ўқувчисини уриб юборган ва оқибатда пиёда шифохонада вафот этган. Бу ҳақда ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда

Маълум бўлишича, Ҳолат 13 сентябрь куни соат 18:40 ларда Наманган шаҳар Келажак тонги маҳалласидаги Чортоқ кўчасида содир бўлган.

“ВАЗ-21011” ҳайдовчиси ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган 63-сонли мактабнинг 3-синф ўқувчисини уриб юборган.

Оқибатда пиёда бош мия чайқалиши, бош мия ёпиқ синиши, ўнг оёқ болдир суягининг синиши ташхиси билан туман шифохонасида вафот этган. Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Андижонда “Spark” ҳайдовчиси юқори тезликда пиёдалар йўлагидан ўтаётган икки нафар қизни уриб юборди.

Маълум бўлишича, 24 ёшли ҳайдовчи автомобилни тўхтатишга ҳам, тезликни пасайтиришга ҳам урунмаган.

Жабрланганлар эса 10 ва 16 ёшли қизлар экани маълум қилинди. Иккаласи ҳам шифохонага олиб борилган. ЙҲХББ уларнинг аҳволи ҳақида маълумот бермади.