Ашраф Ғанининг қочиши “Толибон” билан ҳокимиятнинг сиёсий алмашиши ҳақидаги битимни бузди. Бу ҳақда АҚШ махсус вакили Залмай Халилзод Financial Times нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Халилзоднинг таъкидлашича, Ғанининг кетиши “Толибон” билан Кобулни исломчилар қўлидан ушлаб қолишга ва сиёсий ўтиш бўйича музокараларни бошлашга қаратилган битимни сўнгги дақиқада бузилишига олиб келган.

Унинг таъкидлашича, АҚШ “Толибон” билан Кобулга кирмаслик тўғрисида келишувга эга бўлган, аммо Ғанининг Афғонистонни тарк этиши хавфсизлик вакумига олиб келди ва шу сабаб “Толибон” шу куни Кобулга кирди ва кейин тинч аҳоли ва ҳарбийларни тартибсиз эвакуация қилишга ва Дохадаги музокараларга нуқта қўйишга сабаб бўлди.

“Ғани қочиб кетганидан кейин, қонун ва тартиб билан боғлиқ саволлар туғилди… “Толибон” сўради:” Сиз ҳозир Кобул хавфсизлиги учун жавобгар бўласизми? “… Ва кейин нима бўлганини ўзингиз биласиз. Биз қабул қилмоқчи эмас эдик. Бу масъулият” деб айтди”, – дея қўшимча қилди Америка махсус вакили.

Унга кўра, Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” музокара қилмаганлиги ёки томонлардан бири улардан воз кечгани учун АҚШ жавобгар эмас.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.